Ekspozitsiya
БЎЛИМЛАР
I БЎЛИМ:
ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ – ФОЛЬКЛОР
“Ҳар қайси халқнинг азалий тарихи ва маданияти энг аввало унинг оғзаки ижоди – фольклор санъатида, достон ва эпосларида мужассам топган бўлиб, улар миллатнинг ўзлигини англаш, унинг ўзига хос миллий қадриятлари ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришда бебаҳо манба ҳисобланади”.
Шавкат МирзиёевЎзбекистон Республикаси Президенти Халқимиз миллий маънавиятининг асосларидан бири бўлган халқ оғзаки ижодининг қадимий, бой ва ранг-баранг эканлиги, мустақиллик даврида халқ оғзаки ижоди ва унинг ижрочилари, тўпловчи, нашр этувчи ва тадқиқ этувчиларига бўлган юксак эътибор, фольклор билан боғлиқ қадим анъаналар бугунги кунда ҳам жонли ижро ҳолатида яшаб келаётганлиги турли буюм, детал, ашё, расм, ранг-тасвир суратлари орқали намойиш этилган. Бу бўлимдан ҳукуматимиз томонидан халқ оғзаки ижодига берилган эътибор, уни юксалтириш борасида чиқарилган Қарор ва Фармонлар, уларнинг ижроси билан боғлиқ ҳужжатлар, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Хон Далли“, “Равшанхон” каби халқ достонларидан қўлёзма намуналар, Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Муҳаммад Жомрод ўғли Пўлкан каби бахши шоирлар ҳамда “Алпомиш” достонига ишланган мойбўёқда чизилган рангтасвир суратлари, бахшилар шажараси, думбира каби буюмлар, турли даврда чоп этилган халқ ижоди намунлари, фольклоршунос олимларнинг фото суратлари жой олган.
II БЎЛИМ:
ҚАДИМГИ ТОШБИТИК ВА ЁЗМА ЁДГОРЛИКЛАР (ИЛК ДАВРДАН XI АСРГАЧА)
Бу даврда Марказий Осиёда давом этиб келган маданий алоқаларнинг кенг кўламда ривожланганлиги, илм-фан ва адабиёт равнақ топиб, уларнинг бир-бирига таъсири натижасида маданий ҳаётда маълум жонланиш юзага келганлиги кўзга ташланади. Бу бўлимда қадимги тошбитик асарларининг муляжи, улардан олинган кўчирмалар, шу даврга оид илм-фанга катта хисса қўшган ва жаҳон маданияти тарихида улкан из қолдирган буюк сиймолардан Абу Райҳон Беруний, Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Адиб Аҳмад Югнакий, Абу Наср Фаробий, Абу Мансур Дақиқий ва бошқаларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятлари батафсил ёритган, уларнинг қўлёзма меросидан намуналар, тасвирий санъат асарлари намойиш қилинган.
III БЎЛИМ:
IX-XII АСРЛАР АДАБИЙ-ЁЗМА ЁДГОРЛИКЛАРИ
Бу бўлимда ўзбек, араб ва форс-тожик тилида ижод қилган ислом дини ва адабиёт тарихида чуқур из қолдирган Имом Ал-Бухорий, Абу Мусо Ат-Термизий, Имом Ғаззолий ва адабиёт тарихи ривожига улкан хисса қўшган Юсуф Хос Хожиб, Маҳмуд Кошғарий, Маҳмуд Замаҳшарий, Адиб Собир Термизий, Аҳмаб Яссавий, Ҳаким Саноий ва бошқа ижодкорларнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ бўлган қўлёзма мерос, тошбосма асарлар, нодир ҳужжатлар ва тасвирий санъат асарлари намойиш қилинган.
IV БЎЛИМ:
XIII – XIV АСР БИРИНЧИ ЯРМИ АДАБИЁТИ
Бу бўлим Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудудида яратилган муҳим илмий-адабий ёдгорликлар, улуғ сиймолар ҳаёти, фаолияти ва асарларини кўрсатишга бағишланади. Уларда Ҳусам Котибнинг “Китоби жумжума” (1369/70), Али ибни Маҳмуднинг “Наҳжул фародис” (XIII-XIV). XIV аср ўзбек адабиётида бадиий наср ёдгорлигининг намунаси сифатида Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий” асари унинг чоп этилган асарлари, XIII-XV асрлар адабий ҳаётида катта ўрин тутган ижодкорлар Хоразмий, Қутб, Сайфи Саройи, Ҳофиз Хоразмий, Саййид Қосимий, Лутфий, Хайдар Хоразмий ҳаёти ва ижодларига оид манбалар ва тасвирий материаллар, шунингдек, Қутб, Хоразмий, Сайфи Саройининг достонларининг матнларидан намуналар, Ҳомид Балхий (Дурбек), Гадоий, Атоий, Саккокийлар ҳаёти ва ижоди Сайид Аҳмад, Хўжандий, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома” асарлари ёритилади.
V БЎЛИМ:
ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИ АДАБИЁТИ БЎЛИМИ (XIV АСР ОХИРИ ВА XV АСР)
Темурийлар даври адабиёти (Х1У аср охири ва ХУ аср) ва Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўзида акс эттирувчи бўлимлар. Музейнинг иккинчи қаватидан жой олган Темурийлар даври адабиёти бўлими экспозицияларга бой. Амир Темур давлати харитаси ва Самарқандаги Амир Темур ва темурийлар мақбараси “Гўри мир”нинг макети ўрин олган. Харита Темур давлатининг худудий миқёси ҳақида тўлиқ махлумот беради. “Гўри мир” тарихий обида сифатида дунёга машҳурдир. Ушбу бўлимдан шунингдек, машҳур мусаввир М. Кайдалов (1947) томонидан ишланган Алишер Навоийнинг портрети ҳам жой олган. Мирзо Улуғбек залида расадхонанинг макети ва Афросиёб тарихий ёдгорлигининг деворий сурати мавжуд. Бу бўлимда ХУ асрнинг биринчи ярмида ижод қилган шоирлар ҳақидаги тадқиқотлар, асарларидан парчалар, нашр қилинган китоблари жойлашган.
VI БЎЛИМ:
АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИЁТИ
Бу бўлимдаги кўргазма материаллари Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ёритишга бағишланган. Устозлар залида Навоийнинг форсий ва туркигўй салафлари портрети ҳамда асарлари жой олган. Навоий лирикаси залида эса Чингиз Аҳмаров томонидан чизилган шоир асарлари қаҳрамонларининг деворий сурати акс этган. Бундан ташқари деворга шоир Чархий томонидан гўзал настаълиқ хатида Навоийнинг машҳур ғазалларининг биринчи байти ёзилган. Шоир асарларини ёритувчи заллар ичида “Хамса” зали алоҳида аҳамиятга эга.Ушбу залда рассом Т Саъдуллаев томонидан “Хамса” достонларига чизилган деворий суратлар ўрин олган. Бундан ташқари, халқ амалий санъатининг ноёб намунаси бўлмиш зардўз гилам, яъни унда шоир қаҳрамонларининг сурати чизилган. Шоир яшаган давр колоритини бериш мақсадида усто Файз уллаев томонидан бирорта мих ёки елим ишлатмасдан, бири-бирини қолипловчи панжара ясалган. Яна давр уй жиҳозларини кўрсатиш мақсадида тоқи, токча, хонтахта каби бир неча жиҳозлар қўшни хонадан жой олган. Навбатдаги зал Алишер Навоийнинг ижтимоий фаолиятини акс эттиришга бағишланган.Унда рассомлар томонидан шоирни бинолар қурилишидаги иштироки чизилган картиналар ўрин олган олган. Яна ушбу залдан Навоийнинг машҳур мусаввир Маҳмуд Музаҳҳиб томонидан (ХУ асар) ишланган сурати (миннатюрадан кўчирма) ҳамда Ҳ.Сулаймонов томонидан шоир асарларининг номларини араб ва кирилл ёзувида хаттотлик санъати билан ёзган ишлари жой олган. Навбатдаги зал Алишер Навоий ҳаётининг сўнгги йилларини ўзида акс эттиради. Бунда Навоий Султон Хусайн Бойқарони ҳарбий юришдан кейин кутиб олаётган лавҳа (сўнгги учрашув) акс этган сурат ҳамда шоирнинг Ҳирот шахридаги мақбарасининг макети мавжуд.Бундан ташқари улуғ шоир ижодининг оламшумул аҳамиятидан дарак берувчи, асарлари нашр этилган шаҳар ва унинг қўлёзмалари сақланаётган давлатлар рўйхати кўрсатилган харита бор. Ундан кейинги зал Адабиёт музейига совға қилинган буюмлардан ташкил топган. Бу ноёб буюмлар дунёнинг турли мамлакатларидан юборилган. Шоир ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи залнинг охирида Алишер Навоийнинг ҳикматли сўзлари бир неча хорижий тилларда деворга ганж билан ўйиб ёзилган лавҳа жой олган.
VII БЎЛИМ:
ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ВА БОБУРИЙЛАР ДАВРИ АДАБИЁТИ
“ Мирзо Бобур бизнинг бобомиз, бизнинг қонимиз, бизнинг болаларимизга ғурур билан айтадиган буюк аждодимиздур.”
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти
Бу бўлимда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олимлиги билан бир қаторда йирик давлат арбоби ва моҳир саркарда эканлигини тўла ёритиб берилган. Экспозицияда Бобурнинг ҳаёти, Фарғона вилоятида 12 ёшда подшоҳ бўлганлиги, таҳт учун олиб борилган курашлар, Шайбонийхон билан бўлиб ўтган жанглар, Бобурнинг Афғонистон томон йўл олиб, кейнчалик Ҳиндистонни эгаллаганлиги ва буюк бобурийлар империясига асос солганлиги Бобур ҳаёти хронологияси (Бобур энциклопедиясининг 660-669 саҳифалардан олинади), Бобурийлар сулоласи (Б.Э.150 саҳифа) орқали очиб берилган. Музей фондида мавжуд бўлган Бобурийлар ва Шайбонийлар шажараси, Бобурномага ишланган миниатюралар билан бойитилган.
VIII БЎЛИМ:
XVI-XVIII АСР ЎЗБЕК АДАБИЁТИ
Бу давр XVI-XVIII асрларда ватанимиз ҳудудида ҳукмронлик қилган сулолалар, уларнинг қўл остида бўлган худудларнинг харитаси, тарихий жараёнлар ва маданий-адабий ҳаётига оид маълумотлар, ўша давр ҳукмдорларининг адабиётга, ёзма манбаларга муносабатини белгиловчи қайдлар билан бошланади. Мазкур давр ўзбек адабиётининг диний-маърифий, фалсафий-эстетик, тарихий, бадиий илдизлари кўрсатилган. Давр адабий жараёнлари, улар хусусида маълумотлар келтирилган тарихий ва адабий манбаларнинг муаллифи, тузилиши ва қўлёзма манбалари ҳақида маълумотлар келтирилган. Мазкур даврининг эътиборли адибларидан хоразмлик Муҳаммад Солиҳ (1455-1535) дастлаб Темурийлар хизматида булди, сунгра Шайбонийхон хизматига ўтди. Унинг назм билан ёзилган «Шайбонийнома» асари Шайбонийлар давлати тарихига багишланган. Убайдуллохон ибн Махмуд Султон (1487—1540) «Убайдий», «Убайдуллоҳ», «Қул Убайдий» тахаллуслари билан газал, рубоий, маснавий ва бошқа жанрларда асарлар ёзган, девон тузган. Форс ва араб тилларида ҳам шеърлар битган. «Ғайратнома», «Шавқнома», «Китоб ус-салот» асарлари панднома тарзида. У ўз саройига Восифий, Мажлисий, Шайдо, Бакрий, Султонали Убаҳий каби шоирларни тўплади. Ҳиротда тугилиб, Тошкентда вафот этган Зайниддин Восифий «Бадоеъ ул-вакоеъ» («Ажиб воқеалар»)нинг муаллифи сифатида машхурдир. Хоразмда туғилиб Ҳиротда вафот этган Мажлисийнинг насрий форс манбаларидан эркин таржима килинган «Қиссаи Сайфулмулук» достоний х,икояси кейинги пайтларгача Туркистон ва Итил- Урал сарҳадларида кенг тарқалган эди. XVI аср прозасининг энг гўзал намуналаридан бири Подшохожа ибн Абдулвахобхожа (1480-1547) асарларидир. Шайбоний хоннинг ўғли Темур Султонга атаб «Мифтоҳ ул-адл» («Адолат калити»), Балх ҳокими Кистан Қаро Султонга бағишлаб «Гулзор» (1508) асарларини ёзган. Бу икки асар қирққа яқин ихчам ахлокий насрий хикоялардан таркиб топган бўлиб, ислом ва шариат, подшох ва раият, или ва маърифаг каби мавзуларда. Воқеалар кўпинча Нуҳ, Сулаймон сингари пайғамбарлар, Искандар, Анушервон, Маҳмуд Ғазнавий каби тарихий шахслар ҳаёти билан боғлиқ халк оғзаки ижодидаги ривоятлардан олинган, ўрни билан шеърий парчалар, китъа, рубоий, ғазал ва бошқа жанрдаги шеърлар берилади. «Максад ул-атвор» (1514-20) достони эса Низомийнинг «Махзан ул-асрор»и йулида ёзилган фалсафий-ахлоқий достон бўлиб, Кистан Қаронинг тоғаси Жонибек Султонга бағишланган эди. XVI асрнинг иккинчи ярмида шоир ва адиблардан Нисорий, Мушфиқий, Нахлий, Мутрибий кабилар ижод килдилар. Шоир ва тазкиранавис Мутрибийнинг «Тазкират уш-шуаро» ва «Тарихи Жахонгирий» асарлари сакланган. Мушфикий бой адабий мерос колдирган. Унинг хажв, ғазал ва қасидалари девонларда жамланган. Нисорий (1516-1597) ўзбекча ва форсча девон тартиб килган, Абдуллохон I томонидан «Малик уш-шуаро» унвонига мушарраф булган. «Музаккир ул-аҳбоб» (1566) номи билан тазкира тузган. 250 шоир ҳақида маълумот берган. Тазкира ҳукмдор Искандар Баҳодирхонга бағишланган. Мазкур тазкирани Давлатшоҳ Самаркандийнинг «Тазкират уш-шуаро», Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис»идан кейинги «учинчи тазкира» деб ҳисоблайдилар (1993 йили ўзбекчага таржима килиниб, чоп этилди). XVII асрдан Туркистонда уч хонлик вужудга келиши билан адабий ҳаракатчилик ҳам уч минтақага бўлиниб кетди. Хивада анъанавий лирика билан тазкиранавислик ривож топди. Абулғозий Баходирхон (1603-1664)нинг «Шажарайи турк» (1660-61), «Шажарайи тарокима» (тугамаган) тарихий асарлари анъанавий Шарқ прозасининг гўзал намуналари бўлди. Унинг тиб илмига оид «Манофиъ ул-инсон» асари ҳам маълум. Хоразмлик Муҳаммад Ҳоксор бадиий адабиёт материалига кенг ўрин берган «Мунтахаб ал-луғат» (1798)ни тузди. Бухорода тазкиранавислик тараққий топди. Тўртта тазкира майдонга келди: "Тазкират уш-шуаро" ("Шоирлар ҳақида тазкира”) (Мутрибий, 1604-05), "Муззккир ул-асҳоб" ("Суҳбатдошлар зикри") (Бадеъ Самаркандий тахаллуси Малеҳо, 1692), "Риёз уш-шуаро" (Мулла Содиқ Самаркандий, XVII асрнинг 40-йиллари), "Мазҳар ул-мусаннифин" (Муҳаммад Насафий, 1758-59). Ҳар уч хонликда бадиий ижоднинг "халқ китоблари" тури ривож топди, "Тоҳир ва Зуҳра”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Сайёд ва Ҳамро”, “Асли ва Карам”, “Санобар”, “Юсуфбек ва Аҳмадбек”, "Алибек ва Болибек", "Хуршид ва Маликаи Дилором" каби достонларнинг халқ китоби вариантлари майдонга келди. Шоирлар халқ оғзаки ижоди материалларини, баъзан ёзма манбаларни қайта ишлаб, ўзига хос “ривоят”, “қисса”лар яратдилар. Хоразмда Умар Боқий "Хамса"сидаги достонларни қиссаига айлантирди. Сайёдий “Тоҳир ва Зуҳра”нинг халқ нусхасини қайта ишлаб, достон яратди. Ҳисорлик Собир Сайқалий “Қиссаи Шахзода Баҳром ва Гуландом”ни китобат қилди (1785-86). Турди Фароғий, Суфи Оллоёр (1616-1706), Бобораҳим Машраб (1640-57-1711), Хоразмда Вафоий XVII аср ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакиллари эдилар. Турди XVII аср иккинчи ярмида аштархоний ҳукмдорлар Нодирмухаммадхон ва унинг ўғиллари Абдулазизхон II, Субхонқулихон даврида яшади, турли мансабларда хизмат қилди. Унинг бизга етиб келган 18 шеърининг деярли ҳаммаси ижтимоий мавзуда. Ҳажвий асарларида ижтимоий зулм қораланади. Турди яшаган давр Туркистонда XVII асрда авжига чиққан сиёсий, иктисодий, маънавий таназзул, ўзаро низо-жанжаллар, фожеалар даврига тўғри келди. Шу боис у барча ўзбек уруғларини "кенглик", "тенглик"ка даъват этади, миллатнинг бирлиги, юртнинг осойишталиги учун курашади. Давр шарт-шароитлари тасаввуфнинг кучайишига олиб келди. Туркистон тупроғида тасаввуф адабиёти тараққий қилди. Аҳсаний, Суфи Оллоёр, Машраб, Ҳувайдо, Мирҳасан Садоий, Мажзуб Намангоний кабилар ижодида суфиёна оҳанглар асосий йўналишни ташкил қилди. Суфи Оллоёр "Туҳфат ут-толибин", "Мурод ул-Орифин", "Маслак ул-муттакин", "Сабот ул- ожизин" каби асарлар ёзди. Машраб эса, саргузаштларга бой ҳаёти, ҳозиржавоблиги, эҳтиросга тўла орифона ва ошиқона ғазаллари билан шуҳрат топган. Унинг ҳаёти ҳақида махсус қисса яратилди. Бу қисса "Девонаи Машраб", "Девони Машраб", “Ҳазрати Шоҳ Машраб" номлари билан халк орасига кенг тарқалди. Машрабнинг XVIII асрдаги истеъдодли издоши Хожаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдо эди (1783-81 йилда вафот этган). Ҳуваидо классик шеъриятнинг деярли барча жанрларида ижод килган. Ундан "Иброхим Адхам" достони ва "Роҳати дил" манзумаси қолган. Асарларида ислом ахлоқи ва фалсафаси билан боғлиқ ғояларни илгари сурган. Унинг набираси Мавлавий Сирожий (1877 йилда вафот этган), чеваралари Самарбону (1837 - 1891), Салоҳидиддин Соҳиб (1838-1910)лар хам соҳиби девон шоирлар бўлганлар. XVI-XVIII асрларда анъанавий дунёвий мухаббат мавзуидаги газаллар ва достонлар хам ёзилди. Лекин, умуман олганда, тасаввуф қаторида ижтимоий сатира кучайди (Вафоий, Турди, Мужрим Обид ва бошқа). Ҳатто хажвий қасидалар ёзилди. Масалан, Хоразмда Паҳлавонқули Равнақ (1725-1805)нинг "Недур", "Ҳануз" радифли ҳажвий қасидалари маълум. Кўплаб марсиялар майдонга келди. шеърда ҳасби ҳол ифодаси кучайди. Биргина хоразмлик Роқим (1742- 1814)нинг девонида ундан ортик марсия учрайди. Масал-достонлар (С. Салохий, "Гул ва булбул", 1740) ёзилди. Нишотий "Хусну Дил" (1778) фалсафий-мажозий достонини ёзди. Нурмуҳаммад Андалиб (1770 йилда вафот этган) "Юсуф ва Зулайхо", "Лайли ва Мажнун", "Зайн ул-араб", "Саъд Ваққос" каби маснавий-манзумалар битди.
IX БЎЛИМ:
XIX АСР ЎЗБЕК АДАБИЁТИ
Бу бўлимда ушбу давр тарихи, маданияти, санъати ва адабиётига доир материаллар, экспонатлар, ашёлар сираси билан ўрин олган (харита, хаттотлик буюмлари, қўлёзма ва тошбосма китоблар, кулолчилик намуналари, кийим-тўнлар, Хива, Бухоро, Самарқанд ва Қўқон шаҳарларидаги тарихий обидаларнинг тасвирлари ва суратлари). Давр адабиётининг кўзга кўринган истеъдодли ижодкорларига, жумладан: • Хоразм адабий муҳити ижодкорларидан: Мунис, Огаҳий, Табибий, Рожий, Комил, Феруз, Баёний, Аваз Ўтар; • Қўқон адабий муҳити ижодкорларидан: Низомий Хўқандий, Садоий, Ғозий, Акмал, Амирий, Нодира, Фазлий, Увайсий, Гулханий, Махмур, Азимий, Фано, Хон, Муқимий, Муҳйи, Қорий, Завқий, Фурқат, Муҳсиний, Ҳазиний; • Бухоро-Самарқанд адабий муҳитидан Мужрим-Обид, Мулла Қурбон Хиромий, Мирза Содиқий Мунший, Шавқий Каттақўрғоний, Мирий, Ҳайрат каби ижодкорларга алоҳида кўргазмалар бағишланган плакат-матнлар, замонавий алифбо-лотин ёзувида асарлари, машҳур асарларга замонавий рассомлар тарафидан ишланган ранг-тасвир полотно, иллюстрация ва картиналар, қўлёзма-дастхатлар, асарларининг қадимги ва замонавий нашрлари, шоирлар ижодиёти бўйича олиб борилган тадқиқотлардан намуналар ўрин олган. Мазкур давр адабиёти ва адабий ҳаёти ҳақида муҳим манба бўлувчи “Мажмуаи шоирони Умархонй”, “Туҳфатул-аҳбоб”, “Мажмуатуш-шуарои Ферузшоҳий”, “Тазкираи Ҳашмат”, “Тазкираи Пирмастий”, “Тазкираи Қайюмий” каби асарларнинг қўлёзма, тошбосма ва замонавий нашрлари ўз аксини топган.
X БЎЛИМ:
МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ ДАВРИ ЎЗБЕК АДАБИЁТИ (ХХ АСР БИРИНЧИ ЧОРАГИГАЧА)
XIX аср охири - XX аср бошларидаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий ҳаётни акс эттиришга йўналтирилган. Бу даврда ижод этган адиб ва алломалар (Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидаҳмад Сидқий- Ажзий, Мирзо Ҳайрулло Хўқандий, Сўфизода, Ҳамза, Мунавварқори, Алихонтўра Соғуний, Фитрат, Абдулла Авлоний ва бошқалар) мумтоз адабиётимиз анъаналарини яхши эгаллаган ҳамда давом эттирган ва айни пайтда ижтимоий ҳаёт тақозосига кўра илғор фикрли ва тараққийпарвар ижодкорлар эдилар. Уларнинг асарларида истибдодга қарши нафрат, миллий озодликка рағбат ва жаҳолат ботқоғидан халос бўлиш кайфияти устунлик қилган. Бу эса уларнинг аксариятини мустабид тузум томонидан қатағон қилинишига олиб келган. Шу боис уларнинг шахсияти ҳамда маънавий мерослари халқимиз нигоҳидан яшириб келинаётган, уларни тилга олиш таъқиқланган эди. Мустақиликка эришилгачгина эрк йўлида қурбон бўлган бу зотлар ҳақида эмин-эркин сўзланадиган бўлинди, ҳар қанча ўрганишга имкон туғилди. Мазкур бўлим айни мақсадга йўналтирилган. Бўлим экспозициясидан жой олган мой бўёқ ҳамда акварель йўсинида ишланган суратлар, фото суратлар, ҳужжатлар ҳамда дастхатларнинг фото нусхалари, афишалар каби ашёлар нафақат адиблар шахсияти ва фаолияти ҳақида, балки давр руҳияти ҳақида ҳам етарлича тасаввур беради. Музкур даврга мансуб ижодкорларнинг баъзилари серқирра фаолият эгаси бўлганлар. Бўлимда ана шу фактор ҳам хисобга олинган. Чунончи, Ҳамза ва Авлонийларнинг театр соҳасидаги фаолиятлари, Беҳбудий ва Фитратларнинг адабий-эстетик қарашлари турли кўринишда экспонатларда акс эттирилган.
XI БЎЛИМ:
XX АСР ЎЗБЕК АДАБИЁТИ (1924-1980 ЙИЛЛАР)
ХХ асрнинг биринчи ярми (1925-1940 йилар оралиғи) ўзбек адабиётининг ривожланишида А.Қодирий, Элбек, Боту, Усмон Носирлар каби ижодкорлар ижодида халқнинг озодлик учун кураши, меҳнаткаш халқни оғир қисмати ва машъум ҳаётини ростгўйлик, ҳақонийлиги бадиий юксак савияси билан халқ шууридан ўрин олган. Уруш йиллари Ҳ.Олимжон, Ғайратий, Ғ.Ғулом, Ойбек, Шайхзода, А.Қаҳҳор каби ижодкорларнинг қаламлари қуролга айланди. Улар Ватан озодлиги, фашист босқинчиларига бўлган нафрат ва ғазабларини шеър ва бадиий асарларида баён этдилар. Урушдан кейинги даврларда Шуҳрат, Шукрулло, С.Аҳмад, каби адибларнинг асарида халқнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, уларнинг орзу умидлари акс этган асарларини ўз ичига олади. Ўзбек адабиётига 50 йилларнинг охирида кириб келган Э.Воҳидов, Ўлмас Умарбеков, Абдулла Орипов, Ўткир Хошимов, Ш.Холмирзаев каби ижодкорларнинг ижодини ижтимоий ҳаётимиз, ёшларнинг новаторлиги, муҳаббати, садоқати, дўстлик каби ғоялар тарғиб қилинса 70 йилларнинг охири кириб келган, ижод қилган ижодкорлар М.Али, Азим Суюн, У.Азимов, Х.Султонов каби ижодкорларнинг ижодида истиқлол ғояларини тарғиб қилиш билан бирга ватанпарварлик, қаҳрамонлик, дўстлик, муҳаббат, садоқат каби олижаноб фазилатлар, орзу умидларини акс эттирдилар. Бу бўлимларда адибларнинг ҳаёти ва ижодига тааллуқли бўлган кундалик турмушида фойдаланган буюмлар, ашёлар, портретлар, суратлар жой олган.
XII БЎЛИМ:
ИСТИҚЛОЛ ДАВРИ АДАБИЁТИ (1991 ЙИЛДАН ҲОЗИРГАЧА)
Мустақиллик даврида адабиётга нисбатан муносабат тубдан ўзгарди, яъни бадиий адабиёт мафкура босимидан халос бўлди ҳамда давлат миқиёсида эътибор қаратилди. Бу ҳолат республика раҳбари ва ҳукуматининг фармон ва қарорларида акс этади. Президентимиз Ш. М. Мирзиёевнинг Китобхонлик маданияти, адабиёт ва саъант ҳақидаги кўплаб Қарорлари ҳамда 2017 йилнинг 3-августида Ижодкор зиёлилар билан учрашувидаги Адабиёт ҳамда маънавиятга оид фикрлари ва умуман нутқидан мавзуга дахлдор кўчирмалар Музей экспозициясидан ўрин олган. Истиқлол даври адабиётида барча адабий турларида ижод қиладиган ёзувчилар ижодида кўтарилиш даври бўлди. Бу даврда мафкуравий босимдан халос бўлган ижодкорлар эркин қалам тебрата бошладилар. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Рауф Парфи, Омон Матжон, Муҳаммад Юсуф каби халқ шоирлари, Хайриддин Султонов, Мурод Муҳаммад Дўст, Ўсмон Азим, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмад Аъзам каби ёзувчилар, Озад Шарофиддинов каби адабиётшунос олимларнинг асарлари бунга ёрқин мисолдир. Айрим ёзувчиларнинг асарлари асосида яратилган бадиий фильмлар халқаро мукофотларга сазовор ҳам бўлди. Бунинг замирида республикамизда адабиётга бўлган айрича муносабат ётади. Бу ҳол кейинги икки йил ичида катта кўлам ва миқёсда изчил давом этмоқда. Президентимиз Ш. Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори (5-апрель 2018 йил) бу бора айрича аҳамият касб этади . Ушбу қарорда Ёзувчилар Уюшмаси билан боғлиқ тадбирлар қаторида Олий адабиёт курсларини ташкил хусусида ҳам айтиб ўтилган. Бундан ташқари республикамиз ҳукумати томонидан “Ўзбек адабиётини хорижда ўрганилиши” мавзуидаги ҳалқаро конференция ўтказиш бўйича қарорнинг қабул қилиниши мамлакатимизда адабиётга бўлган эътиборга ёрқин мисолдир. Республикамизда адабий алоқалар ва бадиий таржима йўналиши ҳам барқарор ривожланмоқда . Бунга бир мисол таниқли қирғиз адиби Ч. Айтматов таваллудининг кенг кўламда нишонланишидир.